Мурод Исмоилов ваъдасининг устидан чиқадими?

Добавлено: 03.09.2014 в 12:38 Просмотров: 828 Автор: ADMIN
Мурод Исмоилов ваъдасининг устидан чиқадими?

“Нефтчи” – “Насаф” учрашувидан кейин ўтказилган матбуот-анжуманида фарғоналиклар бош мураббийи Мурод Исмоилов раҳбариятдан истеъфо сўрайман деган фикрларни билдириб ўтганди. Аммо шу кунга қадар унинг истеъфога чиққани ҳақида маълумотларга кўзимиз тушмади. Хўш, Мурод Исмоилов чиндан ҳам эгаллаб турган лавозимидан озод этиладими? Исмоилов ваъдасига вафо қилиб, жамоадан кетиши учун ариза ёзадими? Бунисини энди олий ҳакам вақт кўрсатади. 

Ўша интервьюдан парча
"Раҳбариятдан бош мураббийлик вазифасини бошқа инсонга топширишларини илтимос қилардим. Мухлисларнинг ҳам сабри бор. Менга эса ёшлар жамоаси ёки ёрдамчи мураббийлик лавозими берилса бепул ишлашга ҳам тайёрман. Ёки бутунлай жамоадан кетишим ҳам мумкин". Балки мен мураббийликни эплай олмаётгандирман. Балки Андрей Фёдоров ёки Тоҳир Кападзени ўзи мураббий бўлар. Мен орият туфайли бош мураббий лавозимидан кетмоқчиман. Шундай қилсак балки жамоа яхши натижаларга эришар. Агар мен кетсам ва барча нарса яхшиланиб кетса мен бундан хурсанд бўламан". 

Кўриб турганингиздек, Исмоилов “Насаф” билан ўйиндан кейин шундай интервью берганди. Аммо... 

Ғийбат ва ҳақиқат
Ўша интервьюдаги яна бир гапга эътибор қаратамиз. 
- Авваламбор 5-10 нафар ғийбатчи деймизми ёки туҳматчими, қўштирноқ ичидаги айрим дўстларимиздан ташқари “Нефтчи”нинг чинакам мухлисларидан мағлубият учун узр сўрайман. 

Бу ерда Мурод Исмоилов кимни назарда тутганини зукко мухлис тушунган бўлса ажаб эмас. Лекин бир нарсани унутмаслик лозим. Исмоилов назарида ғийбатчи бўлганлар аслида ҳақиқатгўй инсонлардир. 

Аввало мураббий ғийбатчи киму, ҳақиқатгўй кимлигини ажаратиб олиши даркор. Ғийбатчилар кўчада тўпланиб, одамнинг орқасидан гапиришади. Ҳақиқатгўйлар эса минг аччиқ бўлмасин, дилидаги гапларни ўша инсоннинг ўзига айтади.  Танқиддан тўғри хулоса чиқариш ҳам марднинг иши. Ёзганларимиз балки, айримларга бироз оғир ботган бўлиши мумкин.  Лекин, биз мантиққа асосланиб ҳақиқатни ёзишга ҳаракат қилдик.

Кўзгудаги акс
Ҳакиқат кўзгудаги аксга ўхшайди. Инсон баъзан ўша кўзгуга бир-бир қараб туриши лозим. Менинг мақоламдан сўнг, Кападзе ва Исмоилов бу кўзгуда ўз аксларини кўриб қурқиб кетган бўлишса ажаб эмас. Акс ҳолда улар танқиддан тўғри хулоса чиқариш ўрнига “қўрқоқ биринчи бўлиб мушт кўтаради”, қабилида иш тутишмасди. 

Айтганча, бизнинг биргина танқидимиз жамоа раҳбариятининг ориятига тегиб кетибди. Аслида эса мухлислар мавсум бошидан буён давом этаётган муваффақиятсизликлар учун азият чекишмоқда. Стадионга ташриф буюрган мухлислар орасида майдонга тушишга тайёр бўлганлар бир талай.  Мухлисларнинг аксарияти орият қилиб стадионга келмай қўйишди. Бунга сабаб жамоанинг улар кутган ўйинни намойиш эта олмаётганидир. Фарғоналик футбол мухлисларга шоулар ёки қуруқ ваъдалар эмас, ғалабалар керак. 

Мардонавор истеъфо
Ўзбек футболида жуда кўп бора мураббийларнинг матбуот-анжуманларида раҳбариятдан истеъфо сўрайман, эртага истеъфога чиқаман каби сўзларига гувоҳ бўламиз. Лекин уларнинг истеъфога чиқиши чўзилиб кетади ёки умуман амалга ошмайди. Шунинг учун бу каби гапларга мухлислар унчалик эътибор беришмайди. 

Россиялик мураббий Валерий Газзаевни ўзбекистонлик футбол мухлислари яхши танишлари аниқ. Ушбу мутахасссис Москванинг “Динамо” жамоасида икки марта бош мураббий бўлиб ишлаган.  Унинг бу жамоадаги биринчи истеъфосини мардонавор дейиш мумкин. “Динамо” еврокубоклар доирасида Германиянинг “Айнтрахт” жамоасига ўз майдонида ўта йирик ҳисобда мағлубиятга учраганди.  Ўйиндан кейин бу шармандачиликка чидай олмаган Валерий Газзаев ечиниш хонасига ҳам кирмай, стадиондан чиқиб кетган ва истеъфо берганди. Унинг бу истеъфоси мухлислар ёддида бир умр сақланиб қолишига шубҳам йўқ. 

Хўш, бизда ҳам шундай мард мураббийлар борми?  Бизда ҳам шундай ғурури баланд мутахассислар учрайдими? Бизнинг мураббийларимиз ҳам стадионнинг ўзида истеъфо бера олишадими? Одатдагидек саволлар бисёр жавоби эса мавҳум. 

Афсусланишдан фойда йўқ
Мурод Исмоилов 18-турга келиб, хатога йўл қўйганини тан олмоқда. Аммо бу афсусланишдан фойда бормикан. Бу эса менга бир воқеани эслатиб юбормоқда. 
Энди бироз лирик чекиниш қиламиз. Мактаб тугаб, барча ўқувчилар ёзги таътилга кетишдан олдин ўқитувчи уларга бўш ерга ўзлари ёқтирган экинни экишларини айтади. Ҳамма турли экинларни эка бошлайди. Аммо битта ўқувчи синфдошлари, ўқитувчиларни алдаган ҳолда ерни ковлаб унга тупроқ солиб беркитиб қўяди...

Таътил тугаб, ҳамма мактабга қайтади ва эккан экинининг ҳосилини йиғишга тушади. Шунда ҳалиги йигит кумилган тупроқ олдига келади ва маъюс ҳолда ортга қайтади ҳамда  шунча кетгизган вақтига ачинади. Бекорга доно халқимиз “нима эксанг, шуни ўрасан”, дейишмайди. “Нефтчи” бош мураббийининг ҳолатини ҳам ҳалиги болага қиёслаш мумкин. Шунча вақт бекор кетганига ачинаман, холос. 

Кападзенинг икки хил фикри
Яқинда “Нефтчи СК” стадионида “Нефтчи” ПФК раҳбарияти ва мухлислар ўртасида бўлиб ўтган учрашувда клуб раиси Тоҳир Кападзега ишқибозлар ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат этишди. Ўша саволлардан бирига эътиборингизни қаратмоқчимиз. 

- Иқбол Акрамов “Олмалиқ”дан кетгач, ҳеч бир жамоада кўринмаяпти. Уни қайтарса бўладими?
  - Ҳозирга келиб, футболчиларни рўйхатдан ўтказиш муддати якунланган. Иқбол Акрамовни ёмон ўйинчи ёки инсон сифатида уни салбий демоқчимасман. Лекин ҳамма собиқ ўйинчиларни қайтарадиган бўлсак, бизни нимамиз ўзгаради.

Энди Тоҳир Кападзенинг “Нефтчи” ПФК раиси этиб сайланган дастлабки кунлардаги интервьюсидан парча келтирамиз.  - Сир эмаски, Фарғонадан шу кунгача кўплаб истеъдодли ўйинчилар етишиб чиқмоқда. Истардимки “Нефтчи” жамоамиз таркибида маҳаллий ўйинчиларимизни бўлишини. Бу билан бошқа вилоятлик ўйинчиларни ёки легионерларни олмаслик керак демоқчи эмасман. Футболда ким кучли бўлса, ўша ўйнасин аввало. Лекин бу йил қишки трансфер сиёсати нотўғри олиб борилганини кўриб турибмиз. Ўйинчиларни жалб этишда хатоларга йўл қўйилган. Ҳозирги кунда таркибга янги футболчиларни қўшиб ололмаймиз. Ўзгаришлар биринчи даврадан сўнг юз беради. Унгача ихтиёримиздаги йигитларга имконият бериб, яна бир бор синовдан ўтказиб оламиз. Ниятим шуки, давралар оралиғида ўзга клубларда фаолият юритаётган маҳаллий ўйинчиларни “Нефтчи”га қайтаришдир! Жумладан Мансур Саидов, Бахтиёр Ёқубов, Шерзод Ҳакимов ва Шукур Пўлатов. Бу ўйинчиларни жуда яхши биламан. Агарда улар “Нефтчи”га қайтиб жамоага ёрдам беришни истаса иккинчи даврада таркибга қўшиб олишимиз мумкин. Ундан ташқари яна бир нечта ўйинчилар ҳисобига таркибни кучайтирамиз. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, Кападзенинг фикри ўзгарганига ҳайронман?  Наҳотки, клуб раиси мухлисларга берган ваъдасини унутган бўлса. 

Холисона баҳо
Фарғонада футболи миллионлаб оддий футбол мухлислари сабабли, чарм тупга бефарқ бўлмаган мутасаддилар сабабли, инсонларга футбол байрамини тақдим этиш учун ўзларига қўшимча масъулият олган ташкилоту-ҳокимиятлар сабабли, энг асосийси эса футболсевар водийнинг миллионлаб меҳнаткаш инсонлари сабабли тирикдир. Мухлислар футболимиздаги вазиятларга холисона баҳо беришга интилишлари лозим. Ҳеч қачон бир жамоанинг тақдири бир кишига боғлиқ бўлиб қолмайди. Агар шундай бўлса, у жамоа бўлмайди.

Оғирётган тиш 
Яна бир бор айтаман, мақсадим кимнидир ёмонлаш эмас, балки уни масъулиятлироқ бўлишга ундаш. Чунки, масъулият йўқ жойда тартиб-интизом ўрнини манархия эгаллайди. Мухлисларига яна бир бор таъкидлаймиз, жамоага ва мураббийга хусуматимиз йўқ, лекин инсоннинг тиши яроқсиз ҳолга келса, у аваллари қанчалар соғлом ва бақувват тиш бўлмасин, бутун тана соғлиғи учун ундан воз кечадилар.  Акс ҳолда яроқсиз тиш узоқ вақт оғриб, эгасига ва унинг атрофидаги кишиларга озор бераверади. 
Фарғона футболи тезроқ оғриётган тишидан халос бўлиши лозим.  

Хулоса ўрнида
Баъзан айрим мухлисларга “Нефтчи” жамоасини танқид қилишим ёқмайди. Улар ҳар доим мендан нега “Нефтчи”га ишонмайсиз, деган савол билан мурожаат этишади. Бунга жавобан кулиб қўяман. Бошқа томондан улар ҳақ. Бугун ушбу саволга жавоб бериш пайти келди. Тўғри, мен “Нефтчи”ни танқид қилишим, унинг ғалабасига ишонмаслигим мумкин. Лекин уни ҳеч қачон алдамайман. 

Ишонинг, мен ўз вилоятим жамоасини ҳар биринглардан кўра кўпроқ яхши кўраман. Унга шон-шуҳрат тилайман, унинг чемпион бўлиши истайман. Бироқ мен вилоятимиз бош жамоасини кўзни юмиб севишга ўрганмаганман. 

Аброр Деҳқонов

Манба: www.arena.uz

 

Категория: Yangiliklar Теги:
Новости клуба
    Комментарии | Всего комментариев: 0
    avatar